Хусусий ОТМларга солинаётган 4 фоизли «солиқ» юзасидан депутатлик сўрови жўнатилди
Кеча, 24 декабрь куни Республика олий таълим Кенгаши нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 4 фоизини ўтказиш бўйича баённомаси эълон қилинган эди.
Мазкур хабар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Жумладан, ЎзЛиДеП депутати Д.Артиков Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ҳамда Бош прокурорга юқоридаги масала юзасидан «депутат сўрови» юборган.
Депутатлик сўровида қайд этилишича, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги қонунларимизга мувофиқ кафолатланган, ҳеч бир ташкилот қонунга асосланмай туриб, тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, нодавлат олий таълим муассасаларига турли тўловлар жорий қилиш ваколатига эга эмас.
Шунингдек, мазкур ҳолат соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи «хаб»га айлантириш каби ислоҳотларга салбий таъсир қилиши мумкин.
Шу сабабли, депутат Д.Артиков Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ва Бош прокурордан республика олий таълим Кенгашининг нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 4 фоизини ўтказиш бўйича чиқарилган баённоманинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан қайта кўриб чиқиш бўйича асослантирилган тушунтириш бериш ҳамда ўз нуқтаи назарини баён этишини сўраган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter