Сурхондарёда ота ва унинг икки ўғли кўп миқдордаги наркотик моддалар билан қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Денов туманида истиқомат қилувчи, 1984 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Тожикистон Республикасидан Ўзбекистонга айланма йўллар орқали наркотик моддаларни олиб келиб, сотиш билан шуғулланаётганлиги ҳолати аниқланиб, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилди.
Натижада хонадон ертўласидан 576 гр. «героин», 2 кг. 447 гр. «опий» ва 1 кг. 913 гр. «гашиш» моддалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, унинг муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган, 1956 йилда туғилган отасидан 9 кг. 62 гр. «гашиш» моддаси ҳамда келиб чиқиши ноаниқ бўлган 137 минг 460 АҚШ доллари ва 569 млн. 832 минг сўм олинди.
Бундан ташқари, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган, 1980 йилда туғилган акаси ва Узун туманида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган жиноий шериги ҳам қўлга олиниб, жиноий шеригининг уйидан ҳам келиб чиқиши ноаниқ бўлган 159 минг 400 АҚШ доллари олинди.
Шунингдек, ДХХнинг Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамкорлигида Янгиқўрғон туманида ўтказилган тезкор тадбирда «Янгиқўрғон-Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган автобус тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган, мазкур туманда яшовчи, 1999 ва 2002 йилларда туғилган 2 нафар фуқарога тегишли сумкаларда жами 19 кг. 915 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Терговга қадар текширув давомида, улар гиёҳвандлик воситасини келгусида сотиш мақсадида Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келганликлари маълум бўлди.
Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда эса Марҳамат туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасининг мазкур туман ҳудудидан ўтувчи қисмига келиб, аввалроқ Қирғиз Республикаси фуқароси томонидан контрабанда йўли билан ўтказиб берилган 4 кг. 931 гр. «опий» ва 9 кг. 949 гр. «гашиш» моддаларини олиб, қайтаётган вақтида Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter