Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда цемент заводларига қандай экологик талаблар қўйилади?

Ўзбекистонда цемент заводларига қандай экологик талаблар қўйилади?

Вазирлар Маҳкамасининг «Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида Ўзбекистонда фаолият юритадиган ҳар қандай саноат корхонаси, хусусан, цемент заводлари давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олиш лозимлиги алоҳида белгилаб қўйилган.

Цемент заводлари учун бир қанча талаблар мавжуд. Хусусан, аҳолига яқин ҳудудлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва ўрмон хўжалиги ҳудудлари ҳамда уларга яқин жойларда цемент заводлари қуриш тақиқланади. Бунда заводлар аҳоли турар жойларидан камида 500 метр масофа узоқликда бўлиши лозим.

Шунингдек, унумлилиги 99,5 фоиздан кам бўлмаган замонавий филтрли чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш талаб қилинади.

Завод аҳоли турар жой биноларига яқин жойлашган ҳолларда ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларидан санитария-меъёрий ҳужжатларида белгиланган тартибларга биноан рухсатномалар олиш керак бўлади.

Шунингдек, экологик экспертизанинг ижобий хулосасини олиш учун I тоифага кирувчи хўжалик субъектларида атмосфера ҳавосига устувор турғун (ташкиллаштирилган) ифлослантирувчи манбалардан чиқадиган ташланмаларни таҳлил қилувчи автоматик мониторинг станциялари ўрнатилиши талаб қилинади. Қолаверса, республикада фаолият юритувчи барча цемент ишлаб чиқариш ташкилотларининг атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларида намуналарни олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда стационар кузатиш пунктлари (постлар) ўрнатилиши керак.

Шу билан бирга, цемент заводлари ҳудудида атмосфера ҳавосига кўтариладиган чангларни бостириш мақсадида сув сепиш тизимини узлуксиз олиб бориш, мазкур объект атроф-муҳитни, ер усти ва ер ости сувларини нефт маҳсулотлари ва чиқиндилар билан ифлослантирмаслиги лозим.

Бундан ташқари, цемент заводлари ҳудудида дарахтлар экилиши, ҳудуднинг камида 25 фоизи кўкаламзорлаштирилиши талаб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2025 йил 30 январдаги 16-сонли Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурига мувофиқ, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш тақиқланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг