Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Навоийда маҳкум ўз жонига қасд қилган. Омбудсман ҳолатни ўрганяпти

Навоийда маҳкум ўз жонига қасд қилган. Омбудсман ҳолатни ўрганяпти

Жорий йилнинг 25 декабр куни соат 14:40ларда Навоий шаҳридаги 11-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум ўз жонига қасд қилган. Маҳкумнинг чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера деразасига ўрнатилган темир панжарага ўзини осгани айтилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) берган маълумотга кўра, 24 ёшли маҳкум Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани судининг 2021 йил 10 ноябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) ва 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) билан 14 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Омбудсманга тақдим қилинган маълумотларга кўра, марҳум Ф.Қ. муқаддам руҳиятнинг ўзгариши билан боғлиқ бошқа касалликларга мойиллиги бўлган маҳкумлар рўйхатида турган. Маҳкум Ф.Қ. жазо муддатини ўташи давомида 23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослаштирилган касалхонанинг психиатрия бўлимида 2 маротаба даволанган.

«Марҳумнинг оила аъзолари унинг жазо муддатини ўташи давомида қисқа ва узоқ муддатли учрашувга келишмагани, фақатгина маҳкум Ф.Қ. улар билан 6 маротаба телефон орқали суҳбатлашгани аниқланди.

Шунингдек, марҳумнинг ноодатий хатти-ҳаракатлари сабабли муассасадаги бошқа маҳкумлар у билан бир камерада ўтиришни истамаганлиги сабабли маҳкум Ф.Қ. 2023 йил 24 декабрь кунидан буён алоҳида сақланган», – дейилади Омбдусман маълумотида.

Ҳозирда ҳолат юзасидан махсус прокуратура томонидан суриштирув ишлари олиб бормоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг