Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Навоийдаги 31 та кон хитойликларга сотилди» деган хабар рад этилди

«Навоийдаги 31 та кон хитойликларга сотилди» деган хабар рад этилди

«Ер қаъридан фойдаланиш маркази» ДМ «Навоийдаги 31 та кон хитойликларга сотилди» деган хабарни рад этди:

«Жорий йилнинг феврал ойида мамлакатимизда қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун 31 та ер қаъри участкаси «E-auksion» савдо платформаси орқали 25,1 млрд сўмга сотилди.

Таъкидлаш жоизки, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар «Ер қаъри тўғрисида»ги Қонуннинг 32-моддасига мувофиқ фақат Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган юридик шахсларга ёки Ўзбекистон фуқароларига берилади.

Мазкур талабдан келиб чиқиб электрон савдоларда Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган юридик мақомга эга 12 та МЧЖ ғолиб деб топилди. Уларнинг айримлари тўлиқ Ўзбекистон фуқароларига тегишли, айрим МЧЖ таъсисчиларининг ўртача 70 фоизи Ўзбекистон фуқаролари, фақат хорижий давлат, жумладан, Хитой фуқароларига тўлиқ тегишли бўлган бирорта ҳам МЧЖ бунда ғолиб ҳам чиққани йўқ.

Биргина мисол, ғолиб деб топилган тадбиркорлик субъектларидан «Xinlong Mining Drilling» МЧЖ асосий таъсисчиси (70 фоиз) ҳамда «Zhonghuitong Mining» МЧЖ асосий таъсисчиси (97,6 фоиз) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобланади.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган рухсатномалар 3 йил муддатга берилиб, ерга эгалик ҳуқуқини бермайди. Қонунларимизда тадбиркорларга фақатгина ер қаъридан фойдали қазилмани олиш ҳуқуқини бериб, рухсатнома эгаси олтин изловчилар усулида қазиб олиш ишлари жараёнида бузилган ерларни рекултивация қилиш ва уларни келгусида фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш мажбуриятини олади.

Устига-устак, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олган фойдаланувчиларга давлат томонидан бир қатор мажбуриятлар юклатилган бўлиб, унда рухсатномага эга бўлган юридик шахслар ишчи-ходимларининг 70 фоизи Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозимлиги аниқ белгилаб қўйилган.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти тадбиркорлик таваккалчилиги асосида олиб бориладиган фаолият бўлиб, бу участкаларни саноат миқёсида қазиб олиш ишларини амалга ошириш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди.

Шу боис бундай ер участкалари тадбиркорларга шаффофликни таъминлаган ҳолда даромад олиш учун сотилади. Сотилган ер қаъри участкаларида фаолият олиб бораётган маҳаллий ёки хорижий инвесторлар соҳага янги технологиялар, ускуналар киритади, янги иш ўринларини яратади», — дейилади муносабатда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг