Келгусида ит ва мушуклар электрон тизимда рўйхатга олинади
Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси билан Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштиришга доир 202-сон ҳамда 2017 йил 22 сентябрдаги ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштиришга доир 748-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, ҳайвонлар ҳисоби ва уларни ҳисобга қўйиш ҳақидаги мавжуд маълумотлар базасидаги ахборотлар мажмуаси орқали ит ва мушукларни қутуришга қарши мажбурий вакцинация қилишни ҳар йили белгиланган муддатларда ўтказиш ҳамда электрон ахборот тизимига ҳар бир ит ва мушукни рўйхатга олиш, вакцинация қилиш ҳамда касаллик билан боғлиқ тарихи киритилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини ва қўшниларнинг розилиги билан кўп қаватли уйнинг алоҳида квартирасида биттадан ортиқ бўлмаган итни ва битта мушукни, алоҳида ва умумий ҳовлили уйларда эса учтадан ортиқ бўлмаган итни ва мушукни сақлашга рухсат берилиши ҳамда касал итлар ва мушукларни ҳудудий давлат ветеринария хизматига, белгиланган миқдордан ортиқча ит ва мушуклар ҳайвонларни вақтинча сақлаш жойларга (приют) топшириш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ит ва мушуклар сотиб олинганда ушбу ҳайвон эгаси ит ва мушукни сотилганлиги юзасидан электрон ахборот тизимига кириб бу ҳақида ахборот тақдим этади. Аҳолини ҳайвонлар ва одам учун умумий бўлган касалликлардан муҳофаза қилиш мақсадида харидор (олувчи) ҳайвонни сотиб олганда (ҳадяни олганда) доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича давлат ветеринария хизматининг вакилига ёки my.gov.uz портали орқали етти кун ичида ҳайвонни рўйхатга қўйиш учун мурожаат қилиши зарур.
Қолаверса, оёқ халқаси ёки табло ўрнатиш усули орқали асалари, товуқлар, ғозлар, ўрдаклар, курка, бедана, гвинея қушлари ва туяқушларни идентификациялаш белгиланмоқда.
Қайд этилишича, лойиҳани ишлаб чиқишда халқаро стандартлар, шунингдек хорижий давлатлар, шу жумладан Корея, Россия, Япония, Қозоғистон давлатларининг тажрибаси ўрганилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter