Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Энергетика соҳасидаги тарихий воқеа!» –  энергетика соҳасида қиймати $3,7 млрд бўлган қувватлар ишга тушириляпти

«Энергетика соҳасидаги тарихий воқеа!» –  энергетика соҳасида қиймати $3,7 млрд бўлган қувватлар ишга тушириляпти

Бугун, 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур маросимда иштирок этган Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, жумладан, қиймати 3,7 миллиард долларлик 18 та янги қувватлар ишга туширилаётгани ва навбатдаги 6 та лойиҳа қурилишига старт берилаётганини энергетика соҳасидаги тарихий воқеа деб атади.

Хусусан, Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида салкам 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 5 та юқори кучланишли подстанция ишга туширилмоқда.

Ўзбекистонда илк бор Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли йирик сақлаш тизими барпо этилди.

Шунингдек, Қашқадарёда 400 мегаваттли электр станцияси, Тошкент шаҳрида замонавий когенерация қурилмаси, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик ГЭС фойдаланишга топширилмоқда.

Хорижий шериклар билан ҳамкорликни изчил давом эттириш йўлидаги янги саҳифа сифатида Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қиймати 3,5 миллиард доллар бўлган 2,5 минг мегаваттли 6 та электр қувватлари қурилиши бошланмоқда.

«Бугун ишга тушаётган қувватлар ва янги лойиҳалар орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади, 4,6 миллион тонна зарарли газлар чиқарилиши олди олинади.

Энг муҳими – 4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади.

Бу, ўз навбатида, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратишга туртки беради.

Умуман олганда, келгуси йили жами 84 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу – 2016 йилга нисбатан 25 миллиард киловатт-соат ёки 1,5 баробар кўп деганидир», – деди давлат раҳбари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг