Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Усмонли давлатининг илк пойтахти, 20 та гумбазли масжиди, каштанли мураббоси билан машҳур шаҳар... (фото)

Усмонли давлатининг илк пойтахти, 20 та гумбазли масжиди, каштанли мураббоси билан машҳур шаҳар... (фото)

Улу (Катта) масжид.

Фото: Xabar.uz

Туркия маданият ва туризм вазирлигининг «Туркияда Рамазон» дастури доирасида ушбу мамлакатга келган ўзбекистонлик ва озарбайжонлик журналистлар, жумладан, Xabar.uz мухбири 19 ва 20 март кунлари Бурса вилоятида бўлишди.

Истанбул ва Бурса шаҳарлари оралиғидаги масофа — 150 километр. Ҳайдовчи ва гид бу масофани босиб ўтишга 3 соат вақт кетишини айтишди. Шундай ҳам бўлди. Катта мегаполис — Истанбулдан чиқишнинг ўзи бироз вақт олди. Йўл жудям текис, ҳали эрта баҳор бўлса-да, ён-атроф яшил тусга кириб улгурган. Катта йўлнинг ҳар икки тарафида зайтунзорлар, арчазорлар, кичик иссиқхоналарни, ёруғ ва текис ер ости йўлларини, турли кўринишда бунёд этилган уйлар, ишлаб чиқариш объектларини томоша қилиб, масофани узоқлиги ҳам билинмай қолди. Бурса шаҳри тоғ ичкарисида жойлашгани сабабли кун давомида ёмғир ҳам ёғди, қор учқунлади ва кейин қуёш ҳам чиқиб кетди.

Бурса Туркиядаги тўртинчи йирик шаҳар ҳисобланади. Келинг, шу ўринда бироз шаҳар тарихига тўхталсак. Ушбу шаҳар 395 йилдан то 1326 йилгача Византия империясига тегишли бўлган. 1326 йили Византия мағлубиятга учрагач, Усмонли давлати ҳукмдори Усмон Ғозий ва унинг ўғли Орхан ҳаракатлари билан Бурса Усмонли империяси таркибига ўтди. Ва бу шаҳар 1326–1365 йилларда Усмонли давлатининг илк пойтахти бўлди.

Бурсада журналистлар дастлаб Усмонли империясини бошқарган Султон Мурод Чалебий ташаббуси билан XV аср ўрталарида барпо этилган Муродиё мажмуасини бориб кўришди. Мажмуанинг барча асосий муассасалари ҳозир ҳам фаолият юритмоқда. Бу ерда Султон Мурод Чалебий мақбараси ҳам бор.

Яшил масжид — мусулмон мактаби ва Султон Маҳмуд Чалебий қабрини ўз ичига олган мажмуа. У XV асрда қурилган ва ҳанузгача муҳим зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади.

Масжиднинг ташқи томони Туркуаз мармари билан безатилган, номи ҳам шундан келиб чиққан. Айниқса, қуёшли кунларда бино товланиб, мармар яхши кўринади. Ички макон ҳам яшил рангда.

Тўпхона боғи Бурсанинг энг қадимий масканларидан бири. Унинг ҳудудида бугунги кунгача қисман вайрон қилинган шаклда сақланиб қолган қадимий Ҳисор қалъасининг қолдиқлари мавжуд. Боғ ҳар қандай мавсумда сайр қилиш учун жуда яхши ва сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли орасида машҳур.

Боғнинг тепасида кузатув майдончаси бор, ундан шаҳарнинг гўзал манзараларини томоша қилишингиз мумкин.Бу ерда тўртбурчак кўриншидаги 6 қаватли кузатув биноси ва 5 та қадимий тўп бор, боғ номи ҳам шундан келиб чиққан. Боғда Усмонли давлати асосчиси Усмон II ва унинг ўғли Орханнинг қабрлари, яъни турбатлари жойлашган.

Бурсанинг диққатга сазовор масканларидан бири Улу (Катта) масжиди 1396–1400 йилларда Султон Боязид буйруғи билан Салжуқийлар услубида қурилган. У 20 гумбаз ҳамда 12 устун ва 2 минора билан безатилган. Эътиборлиси, масжид ичида фаввора бўлиб, у бир вақтлар таҳорат олиш учун хизмат қилган, ҳозир ҳам ундан фойдаланишади. Фаввора устидаги гумбаз катта деразага эга бўлиб, бинони ёритишда муҳим рол ўйнайди. Бурса доим гавжум савдо маркази бўлган: тарихий жиҳатдан у орқали муҳим савдо йўллари ўтган ва айнан шу ерда Буюк Ипак йўлининг қисми тугаган. XV асрда шаҳарда Коза Хан бозори пайдо бўлди, унда асосан табиий хитойи ипаклар сотилган. Ҳозир ҳам ушбу бозорда табиий матолар савдоси фаол йўлга қўйилган.

Бурса тарихий ва замонавий қиёфани ўзида уйғунлаштирган шаҳар, бу ерда автомобиллар савдоси билан шуғулланувчи кўплаб салонлар бор. Трамвай ва метро, микроавтобуслар жамоат транспортининг қон томирига айланган, сайёҳлар эса кўп. Бурса гўзал табиати, миллиий таомлари ва бошқа жойда учрамайдиган каштанли мураббоси билан ҳамиша кишини ўзига мафтун қилиши билан унутилмас таассуротлар қолдиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг