Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Янгийўллик ваҳший қилмиши ортидаги ўйлар

Янгийўллик ваҳший қилмиши ортидаги ўйлар

Янгийўллик йигитнинг ваҳшийлиги барчани ларзага солди. Наҳотки одам дегани шу даражада шафқатсиз бўлса? Бировнинг фарзанди нари турсин, ўзининг болаларини шунчалик қийнаса? Бу нима ўзи? Қип-қизил ваҳшийлик, бошқа ҳеч нима эмас! Юрагинг орқага тортиб кетади, лавҳани охиригача кўра олмайсан!..

Машҳур Шомаҳмудовлар оиласи иккинчи жаҳон уруш вақтида 13 нафар болани, урушдан сўнг яна уч болани асраб олганини эслайлик. Умуман, уруш йилларида ўзбек оилалари жами 4,5 минг нафардан зиёд етим болани боқиб катта қилган. Шомаҳмудовлар сингари самарқандлик Самадовлар 13 нафар, Ф.Қосимовалар эса 10 болани парваришлаб ўстирган. Бу болалар турли миллат вакиллари эди, аммо Шомаҳмудовлар ҳам, улар каби бошқа ота-оналар ҳам мурғак қалбларга азият етказишмади. Аксинча ўз боласидек кўриб авайлаб ўстиришди. Янгийўллик махлуқ эса хотинига аччиқ қилиб, ожиз, нотавон кичкинтойларни, бегуноҳ дилбандларни қийноққа солди! Ҳайф сенга ота деган ном!..

Болаларни қийнаш орқали эр хотинидан ёки хотини эридан ўч олиши, тағин буни видеога муҳрлаши қачондан буён «мода» бўлди ўзи? Инсоннинг шу қадар тубанлашиши мумкинлигини ақлга сиғдиролмайсан! Болаларнинг айби нима? Наҳотки уларнинг ожизлиги, қаршилик кўрсата олмаслигидан фойдаланиб, аёвсизларча қийнаш, бўғиш, тепиб юбориш мумкин бўлса?

2018 йилги жамиятни жунбишга солган фожиани ёдга олайлик. Андижонлик ёш она Саида ўзининг уч ёшли боласини бўғиб ўлдирган ва ишлаш учун кетган эди. Бугун у қамоқ жазосини ўтаяпти. Ўшанда бу онани телевизор орқали кўрсатишганда мен ҳайрон бўлгандим: ўз боласининг кушандаси бўлган аёлнинг юзида қилган ишидан пушаймонлик, қотилликдан афсусланиш аломати йўқ эди!

Янгийўллик ваҳшийнинг пушаймон бўлишига ҳам ишонмайман! Агар афсус чекиб, нимадир деса, бу унинг иккиюзламачилиги, ёлғончилиги бўлади, холос. Бу махлуқ болаларни қийнагани етмагандек, худди «салаф»лари каби, барча жараённи видеотасвирга олган. Хўш, ўйлаб кўрайлик: шу лавҳани аёлига юбориб ва у кўрганида бу нобакор мазза қиладими? Кўнгли таскин топадими? Агар шундай бўлса, нега, нима учун?!. Жавоби эса оддий: ҳаммаси бекорчиликдан, дунёқарашнинг пастлиги-ю тубанликдан, китоб, маърифат ва диндан узоқликдан!

Қонунларни кучайтириш керак. Шафқатсизликка, айниқса болалар қийноғига қўл урган жиноятчилар энг оғир даражада жазоланиши шарт. Худобехабарлар ҳеч бўлмаса, қонундан, оғир жазодан қўрқсин! Акс ҳолда бу каби ҳолатлар яна такрор-такрор юз бераверади. Аслини олганда, жазони кучайтиришнинг ўзи камлик қилади, албатта. Жамият ўзгариши керак! Одамлар онги, тафаккури юксалиши зарур. Бунинг учун биз бот-бот айтиб чарчамаётган, омма қулоқ тутмаётган китобхонлик, мутолаа оммалашиши керак! Тасаввур қилинг, агар янгийўллик зўравон китобларга ошно бўлганида, мутолаа билан муттасил шуғулланганида бундай шафқатсизликка қўл урармиди?..

Жамиятда хунук ҳодисалар рўй берганида фақат аюҳаннос солиш билан иш битмайди. Ўсиш-ўзгаришлар амалда бўлиши керак. Уч-тўрт кун ўтгач, унутиб юборгандан наф йўқ! Энг ёмони, қийноққа солинган болаларнинг саломатлигида ва руҳиятида бузилишлар рўй бериши мумкин. Улар журъатсиз, қўрқоқ ва меҳрсиз бўлиб ўсиши исботланган. Тадқиқотларга кўра, болаликдаги ҳар қандай зўравонлик шакли кўплаб кейинчалик сурункали касалликларга дучор қилиши аниқланган. ЮНИСЕФ маълум қилишича, дунё бўйлаб ҳар дақиқада бир бола ўлдирилади, минг афсуски, андижонлик Саиданинг ўғли ҳам шу рўйхатда!..

Одамзод шафқатсиз бўлиб боряпти. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти статистикасига мувофиқ, дунёда ҳар 2 ёшдан 4 ёшгача бўлган салкам уч миллион бола уларга қараётган инсонларнинг шафқатсиз муносабатини бошдан кечиради. Бу рўйхатда ўзбекларнинг ҳам борлиги янада ачинарлидир.

«Ўз фарзандини урувчи ота ёки онанинг юраги тошдан бўлса керак, – деган эди устоз Тоҳир Малик. – Фарзандларини гўдаклик чоғиданоқ уриб ташлайдиган ота-оналарга улуғ олим Пифагорнинг бир гапини эслатаман: «Қабрингиз устида йиғлай олишлари учун фарзандларингизнинг кўз ёшини тўкманг».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг