Трампнинг ташаббуси “хомхаёл” деб баҳоланди

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳарбийларга бутун мамлакатни ракета ҳужумларидан ҳимоя қилувчи “Олтин гумбаз” тизимини яратишни топширган эди. Оқ уй ушбу ташаббус учун маблағ аямаслигини билдирган. Аммо экспертлар бу ғоянинг амалга ошишига шубҳа билдирмоқда, деб хабар берди CNN.
Трамп фикрича, Қўшма Штатларни баллистик ва гипертовушли ракеталар ҳамласидан ҳимоя қилувчи мукаммал тизим яратилиши керак. Бунга айни пайтда Исроил фойдаланаётган “Темир гумбаз” тизимини мисол қилиш мумкин. Аммо экспертлар Исроил ҳудуди ихчам экани, АҚШ каби улкан ҳудудли мамлакатни ракета ҳужумидан бутунлай ҳимоя қилиш эса хомхаёл эканини айтмоқда.
“Исроил кафтдек давлат. Шу боис уни радарлар, мобил ва стационар тутиб қолувчи қурилмалар ёрдамида 100 фоиз иҳоталаш мумкин. Хўш, бу тизимни Қўшма Штатларда қандай қилиб жорий этиш мумкин? Чегара ва соҳил чизиқлари бўйлаб бундай тизимни ўрнатган тақдирингизда ҳам қитъалараро баллистик ракеталар Канзас узра атмосферага кириб келиши мумкин”, – дейди СNN суҳбатлашган мутахассис.
Қуролланиш устидан назорат ва қуролларни тарқатмаслик бўйича марказ директори Жон Тирни ҳам Трампнинг ташаббусини стратегик, технология ва иқтисодий жиҳатдан маънисиз деб ҳисоблайди.
АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг истеъфодаги адмирали Марк Монтгомерига кўра, ракетага қарши мудофаа тизимини яратиш учун 7-10 йил вақт керак бўлади, аммо ўшанда ҳам тизим чекланган ҳолда фақат муҳим федерал марказларни ҳимоя қилиши мумкин.
Трамп мудофаа вазири Пит Ҳегсетга 28 мартга қадар ракетага қарши қалқон тизимини яратиш бўйича режа тайёрлаш ва тақдим этишни топширган.
Мудофаа вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Стивен Морани бу борада тегишли ишлар олиб борилаётганини маълум қилган. “Олтин гумбаз” тизимига оид 360 дан зиёд махфий ва махфий бўлмаган таклиф келиб тушгани айтилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter