Шароф Бошбеков: «Киночиларнинг ҳаммаси «лўли»ми?»
Таниқли ёзувчи, маданият арбоби Шароф Бошбеков адабий тил, унинг кинода ишлатилиши ва шевалар бўйича киноижодкорлари, телеканалларга мурожаат қилди.
«Мен ижодий ҳаётимда бир мартагина «Ўзбектелефильм» суратга олинган «Чархпалак» сериалидаги лўли Марям образини ёзишда «сан»-«ман»ни ишлатганман. Акс ҳолда у лўли бўлмасди. Кузатишларимга қараганда, кино ижодкорлари, намойиш этишга рухсат берадиган мутасаддилар, бадиий кенгаш аъзоларининг деярли барчаси «лўли» экан! Улар орасида биронта ўзбек бўлганида «Эй, ўртоқлар, адабий ўзбек тилида бунда олмош йўқ-ку! «Сен»-«мен» деган олмошлар бор!» деган бўларди.
Ғафур Ғулом кундалик турмушда «сан»-«ман» деб сўзлашган, аммо ёзишга келганда «Сен етим эмассан», «Мен – яҳудийман!» деб ёзганлар. Сўзнинг ҳурмати тор маҳаллийчилик манфаатидан устун турган. «Сан»-«ман» сўзлашув жараёнда оғир ботмайди, лекин саҳнадан, экрандан эшитилса қулоқни қириб ўтиб кетади.
Мен «Ўзбектелефильм»да, кейинчалик «Ўзбеккино»да бадиий кенгаш аъзоси бўлганман. Атрофимдаги сафдошларимга қараб ҳайрон бўлардим: ўзбек киносининг куни шуларга қолдими? Тўғри, уларнинг орасида киномиз ривожи йўлидан сочи оқарган, бутун умрини шу соҳага бағишлаган оқсоқол ижодкорларлар ҳам бор эди. Лекин аксарияти, паспортида «ўзбек» деб ёзилган эса-да, миллати мавҳум шахслар бўлган. Улар учун «миллат», «тил», «миллий ғурур» деган тушунчалар, ўзларининг тили билан айтганда – «до лампочки». «Ўзбек» деган сўз «қолоқ» деган сўз билан баробар турар эди.
Энг шармандали жойи шундаки, отаси (мактаб кўрган кекса актёр) «сен» деб гапиради, ўғли ёки қизи (мактаб кўрмаган «умуртқасиз» актёр) «сан»-«ман»лайди. Битта қишлоқда яшаётган аҳолининг ярми «сан»лайди, ярми «мен» дейди.
Телевидение режиссёри Ғайрат Убайдуллаев бир ибратли воқени гапириб берган эдилар. Бир куни телевидение раҳбарияти менга СССР халқ артисти, санъатимиз дарғаларидан бири Шукур Бурхонов ҳақида кўрсатув тайёрлаш вазифасини юклади. Суратга оляпмиз. Менинг ишорам билан барча техника ишга тушди.
Шукур аканинг гулдирак овози ҳамма ёқни тутиб кетди:
- Мен 50 йилдан ортиқ умримни ўзбек санъатига бағишладим...
Мен, калтафаҳм, «мен» деган сўзни ниҳоятда расмий маънода тушуниб:
- Шукур ака, ўзингизни бўш қўйиб, худди уйингиздагидек ёки чойхонада ўтиргандек, «сан»-«ман» дейверинг.
Шукур аканинг овози момақалдироқдай гумбирлади:
- Мен форсийда гапираётганим йўқ, «ман»-«сан» десам! Эшитган одам айтмайдими, «Қариган чоғида Шукур Бурхоннинг томи кетиб қолибди» деб?
Бу ҳам сўз ҳурмати!
Афсуски, бу сўзлар сценарийдан ташқари бўлгани учун ёзувда сақланиб қолмаган. Йўқса «томи кетганлар» учун буюк санъаткордан буюк сабоқ бўлиб қоларди.
Бадиий кенгашлар «лўлича» олмошлар ишлатилган картина, сериалларни бошқатдан овозлаштириш учун қайтарса, фильм ижодкорлари мулла минган эшакдай мулойим тортиб қолишади. Чунки қайта овозлаштириш катта харажатлар талаб этади.
Ушбу фикрлардан тўғри хулосалар чиқарилмаса, «лўли» сўзини қўштирноқсиз ишлатишга тўғри келади...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter