Давлат идораларининг масъул шахслари жазоланди
Очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этмаган қатор давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимларига нисбатан чоралар кўрилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 2023 йил 3-чорагидаги фаолияти мобайнида ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни эълон қилиш ҳолати ўрганилиб, 23 та давлат идорасига аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва айбдорларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш бўйича тақдимнома киритилган эди.
Шунга кўра, тақдимномада кўрсатилган ҳар бир ҳолат тегишли идораларнинг соҳага масъул раҳбар ва ходимлари иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган бир қатор масъулларга қуйидаги таъсир чоралар қўлланилиши таъминланди:
- 9 нафар масъул ходим қатъий огоҳлантирилди;
- 5 нафарига меҳнат интизомини бузганлиги учун ҳайфсан эълон қилинди;
- 1 нафарига нисбатан меҳнат интизомини бузганлиги учун ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорида жарима қўлланилди;
- 5 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ҳозирда Агентлик томонидан яна бир қатор давлат органлари ва ташкилотларида очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари талаблари ижроси юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда. Унинг якунлари бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади, дейилади Аксилкоррупция агентлиги хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter