Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди

Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди

Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан 18 ноябр куни йиғилиш ўтказди.

Андижон вилоятининг иқтисодий салоҳияти юқори. Давлат раҳбарининг шу йил февралдаги амалий ташрифи ҳамда унда белгиланган вазифалар ҳудуд ривожига қўшимча туртки берди. Саноат, тадбиркорлик, савдо, хизмат кўрсатиш, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида яхши натижаларга эришилди.

Шу билан бирга, ҳали имкониятлар кўп. Туманларда олиб борилган ўрганишлар давомида қатор таклифлар аниқланган.

Масалан, Олтинкўл ва Жалақудуқдаги 600 гектарда хитойлик инвесторлар томчилаб суғориш орқали қалампир етиштириб, қайта ишлаш лойиҳасини бошлаган. Бу орқали гектаридан 15 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш ҳисоб-китоб қилинган.

Пахтаобод туманида Бирлашган Араб Амирлиги компанияси билан ҳамкорликда 470 гектарда гилос ва резавор мевалар етиштириш йўлга қўйилган. Тадбиркор инвестиция мажбуриятини ўз вақтида бажараётгани учун давлатдан инфратузилма қилиб беришни сўраган.

Вилоятдаги 4 та паррандачилик корхонаси фаолиятини тиклаб, эҳтиёжманд оилалардаги 650 нафар одамни ишга олиш имконияти аниқланган.

Асакадаги «АДМ электрикс» корхонаси автомобиллар учун 28 турдаги сим ўтказгич ва мултимедиа тизимларини ишлаб чиқаради. «Оникс», «Трекер», «Киа сонет» каби моделларда маҳаллийлаштириш кенгайтирилса, корхонанинг қуввати ва даромади ошади.

Йиғилишда Андижон вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича қарор лойиҳасини тақдимот қилди. Унда 2025 йилда Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилган. Жумладан, 3 миллиард 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштириш, 334 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, 305 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида экспорт қилиш вазифаси белгиланган.

Шунингдек, вилоятда аҳоли зичлиги инобатга олиниб, ер масаласида имкониятлар яратилади. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган майдонлар, жумладан, қир-адирлардан жами 1 минг 800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилади. У ерларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, уй-жойлар барпо этилади.

Давлатимиз раҳбари таклифларни маъқуллаб, янги имкониятлардан самарали фойдаланиш, лойиҳаларни замонавий инфратузилма билан таъминлаш, аҳолининг бандлигини ва даромадларини ошириш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг