Яқинда ишдан ҳайдалган ҳоким қамоққа олинди
Андижон вилояти Избоскан туманининг собиқ ҳокими Серобиддин Исмоилов ҳибсга олинди. У яқинда ишдан бўшатилганди.
Kun.uz хабарига кўра, у ноқонуний қарорлар чиқариб, ер майдонларининг талон-торож қилинишига йўл қўйганликда гумонланмоқда.
Қайд этилишича, собиқ ҳоким 20 декабр куни Жиноят кодексининг 205, 229-4-моддалари билан жиноят ишида гумон қилинувчи сифатида жалб этилган ҳамда Жиноят процессуал кодексининг 221-моддасига асосан ушланиб, ҳибсхонага жойлаштирилган.
Исмоилов Избоскан туманига 2018 йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётганди. У 10 декабр куни президент маслаҳатчиси ўринбосари ҳамда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бошчилигида ўтказилган сессияда ишдан олинганди.
Серобиддин Исмоилов 2017-2018 йилларда вилоят ҳокимининг ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ бир қатор амалдорлар қамоққа олингани хабар қилинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter