Ўн бир тақдир, ўн бир фожиа... Суд залидаги уч соатлик оғир манзара тафсилотлари
1
...Мақола кечикяпти, тезроқ қоғозга тушириш керак. Аввалдан хабар бериб қўйганмиз: Олий судда ўта оғир жиноятлар содир этган 11 нафар аёлнинг «иши» кўрилади, деб... Бу ёғини тезлаштиришдан бошқа илож йўқ. Бироқ уч соатга яқин бўлиб ўтган очиқ суд мажлислари тафсилотларини мухтасар мақолага сиғдириш қийин. Ўн битта тақдир, ўн битта фожиа... Уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида мавзуки, бу пухта тайёргарлик ва жиддий ёндашувни талаб этади.
Шу боис ҳозирча тўрт-беш чизгилар билан бугунги суд жараёнлари ҳақида тасаввур беришга ҳаракат қиламиз.
2
Хуллас, Олий суд биносидамиз. Маҳкаманинг суд мажлислари ўтадиган энг катта зали. Унда маҳкумаларнинг яқинларидан тортиб, хотин-қизлар қўмитаси вакилалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ўтирибди. Хуллас, зал лиқ тўла одам. Суд мажлисларига Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров раислик қилмоқда. Икки ёнида судлов ҳайъати аъзолари. Қуйироқда давлат айбловчиси — прокурор. Унинг рўпарасида адвокат, бир қатор нарида эса Жазони ижро этиш муассасаси вакили жой олган...
Алоҳида қайд этиш керакким, суд мажлисларида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маърупова ҳам иштирок этди. Чунки, барча маҳкумаларни қўмита кафилликка олмоқда.
3
Ўн бир нафар маҳкуманинг назорат тартибидаги мурожаатлари кўриб чиқилган суд мажлисларида битта сўз кўп такрорланди: ПУШАЙМОНМАН! Бу каломни айтмаган ёки эшитмаган одам йўқ. Аммо маҳкумалар оғзидан такрор-такрор чиққан бу сўзнинг залвори шу бугун одамни эзиб юборди, рости.
Аввал бунчалар таъсир этмаган эди...
4
Маҳкума Т.Гуласар самарқандлик. Саккиз фарзанднинг онаси. Олтмиш уч ёшда. Ўн йил-у тўрт ойдан бери «ўтирибди». Жиноят кодесининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳванд моддалар савдоси) билан айбланган. 2006 йилда ҳам шу жиноят билан қўлга тушиб, аёллиги сабаб енгиллик берилганди. Уч йил ўтиб, яна шу жиноятга қўл ургач, қонуннинг қаттиқ талабидан қутулиб қололмади: 12 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Пушаймонлиги дунёга сиғмайдики, қамоқдалигида кўп яқинлари вафот этган. Уларнинг ҳатто совуқ дийдорини кўриш насиб этмади. Ўзиям бир сиқим бўлиб қолган. Тавбасига чандон таянган бу аёлни яна бир йил-у саккиз ой «ушлаб» туришдан маъно борми? Бу ёқда хотин-қизлар қўмитаси кафиллигини олмоқда.
Аёл муддатидан аввал озодликка чиқарилди.
5.
А.Ҳамробонунинг қисмати ҳам шундай. Ўзи самарқандлик. Бу йил олтмиш бешга тўлади. Олти нафар фарзанди, 25 та невара, 3 та чевараси бор. Бир марта гиёҳванд моддаси савдосига аралашиб, судга тортилганди. Бироқ қонун берган енгилликдан хулоса чиқармади. Ким билсин, яна қўлга тушсам, енгиллигина қутуламан экан, деганми?! 2011 йилда яна шу жиноятга қўл урди ва... 11 йилни «олиб кетди»! Саккиз йил-у саккиз ойдан бери «зона»да. Аёлнинг пушаймонлигики, қамоққа тушиб йўқотмаган нарсасининг ўзи қолмади! Кўз хиралашган, белдаги чурраси сабаб гавдасини тик тутолмайди. Оиласи қай аҳволга тушганини айтиб бўлмайди, ёзиб бўлмайди...
Давлат унинг ўталмай қолган икки йилу тўрт ойлик жазосидан муддатидан аввал озод қилди. Бу мурувват Олий суд воситасида амалга оширилди.
6
А.Дилфуза ҳам илгари икки марта судланган. 168-модда (фирибгарлик) билан. Учинчисида ўзини гиёҳванд моддалар савдосида синаб кўришни хоҳлагандики, «бир» деганда қўлга тушди. Содир этган ўта оғир жиноятига аввал икки марта судлангани ҳам қўшилиб, 12 йилни «олиб» кетди. Ўшанда тўртинчи фарзандига оғироёқ экан. Кенжаси (қиз) ҳисбхонада дунёга келди... Ўша қизалоқ ҳозир ўн ёшда. Мактабда аълога ўқийди, дейди аёл. Шу болани дийдорига дунёни алмашмоққа тайёр. Пушаймонлигини шу билан изҳор этди у. Саломатлиги борасида жиддий муаммолар бор: «қанча умрим қолган билмадим, борини болаларимга бағишласам...»
Ўн бир йил-у бир ойдан бери жазо ўтаётган шу аёлга ҳам муддатидан илгари озодлик раво кўрилди.
7
А.Маҳлиё бугун «иши» кўрилган маҳкумалар орасида энг ёши. Қирқ бир ёшда. Тайинланган жазо (12 йил) тугашига саккиз ой қолибди. Икки нафар ўғли бор. Қамалганда кичиги олти ойлик чақалоқ эди. Бугун ўша боланинг бўйи онасига етай деб қолибди. Озодликка чиққан Маҳлиёни тўнғич ўғли қарши олди. Боланинг эгнида униққан кўйлак-шим. Оёғида эски шиппак... Шунинг ўзи оиланинг қандай аҳволдалигини айтиб турибди...
«Отанг келмадими?» деб сўрадим йигитдан.
«Дадамиз етти йил аввал вафот этган»!
«Кимнинг қўлида қолувдинглар, болам?»
«....»
8
Я.Гулбаҳорнинг (56 ёш) муддатидан аввал қамоқдан озод этилиши жараёнида бироз қизиқ, аммо ўта оғриқли ҳолат кузатилди. Аввалига тартиб-таомилга амал қилинган ҳолда раислик этувчи, прокурор, адвокат, хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари гапирди. Маҳкуманинг охирги сўзидан сўнг судлов ҳайъати маслаҳатхонада кўп ушланмай, ажримни ўқиб эшиттирди: Я.Гулбаҳор «... суд залидан озод этилсин!». Аёл гўёки карахт: юзидаги ифодани илғаб бўлмайди. Кўзлари бир нуқтада қотиб қолгандек. Ҳатто соқчи ҳам қимир этмайди, денг. Раислик этувчи унинг озод этилганини такрор айтди. Яна ўзгариш йўқ. Шундан сўнг овозини ростмана кўтаришига мажбур бўлди (соқчига): «Нега қараб турибсан? Чиқар аёлни бу ёққа?!»
Ўн икки йил-у уч ойга «кесилиб», ўн йилдирки «ичкари»да ўтказган аёл муддатидан аввал очиққа чиқишига ишонмаган чоғи? Унинг ҳолати мўъжиза қаршисида танг қолган одамнинг аҳволини эслатди...
9
Маҳкумаларнинг аксарияти гиёҳванд моддаси савдоси билан боғлиқ жиноятлари сабаб узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилганлар эди. Улар орасидан фақат биттаси — сирдарёлик Б.Сабоҳат (56 ёш) товламачилик ва бошқа жиноятлари сабаб 11 йилга озодликдан маҳрум этилган экан. Муддатнинг салкам етти йилини ўтаб бўлган аёлга жазо тайинлашда (айбловларни малакалашда) хатога йўл қўйилгани аниқланди. Айбловлар қайта малкаланган эдики, тайинланажак жазо ўтаб бўлгани ойдинлашди. Демак, аёлнинг қамоқда қолишига асос йўқ... Кўзларида дув-дув ёш билан озодликка чиққан Б.Сабоҳат бино йўлагидаги ўриндиққа ҳолсизгина ўтириб қолди... Яқинларидан ҳеч ким келмабди! Адвокати айтди: «битта ўғли Россияда, икккинчиси касал...».
10
Бугун озод этилган ўн нафар аёлнинг олтитаси ҳақида қисқача маълумот бердик.
Етар?
Негаки, барчасининг қисмати деярли бир хил. Фақт бир нафар аёл (14 йилга «кесилиб», 9 йилдан бери жазо ўтамоқда) озодликка чиқмади. Унинг жинояти ёпиқ суд мажлисида кўрилиши тақазо этилгани боис омммавий ахборот воситалари ходимлари зални тарк этишига тўғри келди. Суд мажлиси тугагач, маълум қилиндики, аёлнинг ўталмай қолган жазо муддати сезиларли қисқартирилибди...
11
...Суд мажлислари якунига етди. Бироқ Олий суд биносини кўплар, ҳатто ҳозиргина собиққа айланган маҳкумалар, уларнинг яқинлари ҳам тарк этгани йўқ ҳали. Ҳовли четроғида Холмўмин Ёдгоров бир-бирига улаб сигарет чекмоқда. Ҳамкасбларимиз уни суҳбатга тортишга шай турибди...
Шу пайт ичкаридан Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г.Маърупова чиқиб келди. Уч соатлик оғир жараён, бахтиқаро аёлларга берилган кафолат юки залворидан эзилиб қолганини сезиш қийин эмас. Кўзлари қизариб кетибди, қон босими кўтарилган, чамаси...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter