Ноқонуний тамаки савдосига кучли зарба: Ўзбекистонда қонунбузарларга қарши чоралар кучайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти алкогол ва тамаки бозори устидан назоратни кучайтириш ва контрабанданинг олдини олишга қаратилган фармонни имзолади.
«Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида»даги ҳужжат Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдосини тубдан йўқ қилишга ва қонуний тамаки маҳсулоти бозори учун адолатли ва шаффоф муҳитни яратишга қатъий қарор қилганини кўрсатади. Ушбу фармон ўз вақтида қабул қилингани ва долзарблигини, жумладан, Жорж Мейсон университети (АҚШ) ўтказган тадқиқотга кўра ноқонуний сигарет савдоси халқаро жиноий ва террористик ҳамжамиятларнинг асосий молиялаш каналларидан бири эканлиги факти ҳам кўрсатади.
Фармонга кўра, ушбу вазифани бажариш учун янги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси тузилади, у лицензиялашни, назоратни амалга оширади ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда сотиш циклининг мониторинги учун рақамли тизимларни татбиқ этади.
Энди мамлакатдаги ноқонуний тамаки маҳсулотларини сотувчилар жиддий оқибатларга дуч келадилар. Фармонда келтирилган, виждонсиз импортчилар ва тамаки маҳсулотларини сотувчиларга таъсир кўрсатишга қаратилган бир қатор чоралар қуйидагилардир:
1. Контрабандачиларга товар ташишни қийинлаштириш мақсадида 2024 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб тамаки маҳсулотларини транзит қилишга талаблар кучайтирилмоқда. Энди транзит қилиш учун қуйидагилар талаб этилади:
• товар тайёрланган мамлакат сертификати;
• товарни етказиб бериш шартномаси;
• қабул қилувчи давлат акциз маркаси туширилган тамаки маҳсулотини транзит ташишга рухсатнома.
Бундан ташқари, юк ташувчилар божхона органлари депозит ҳисобларига божхона тўловларини ўтказа бошлайдилар. Тамаки маҳсулотларини ташувчи транспорт воситалари фақатгина кўздан кечириш мажмуалари билан таъминланган чегара-божхона постларидан ўтишлари мумкин бўлади.
2. Рақамли маркировка ва акциз маркалари тизимларининг интеграцияси.
Рақамли маркировка тизимини акциз маркалари тизими билан интеграциялаш бўйича ишлар сезиларли фаоллашади. Бу қуйидагилар имконини беради:
• маҳсулотни олиб кириш ва сотиш устидан назоратни рақамлаштириш;
• ноқонуний маҳсулотни кузатиш бўйича ишларни янада шаффофлаштириш;
• тамаки маҳсулотлари айланмасининг автоматлашган ҳисоби ва назоратини таъминлаш.
3. Виждонсиз сотувчилар учун жазо кучайтирилади
Тадбиркорлар томонидан рақамли маркировкага эга товарларни маркировкани ўқийдиган қурилмалардан фойдаланмай сотилиши аниқланган ҳолатларда, тадбиркорга нисбатан ҳуқуқбузарлик рўй берган чоракдаги фаолият юзасидан солиқ текшируви тайинланади. Бунда тадбиркорлик субъектлари бу текширув ҳақида хабардор қилинмайди.
Мажбурий маркировкаланиши шарт бўлган товарлар (тамаки маҳсулотлари шундай товарлар рўйхатига киради) сотувчилари солиқ органларининг ҳар чораклик текширувидан ўтадилар, шунингдек тамаки маҳсулотини чакана сотиш ҳуқуқи учун базавий ҳисоб миқдорининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик йиғим тўлайдилар.
Тамаки бозори устидан назорат чораларининг кучайтирилишидан қуйидагилар мақсад қилинган:
• тамаки маҳсулоти қора бозорини қисқартириш;
• қонуний ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
• солиқ тушумлари ҳисобига давлат даромадларини ошириш;
• ноқонуний ва сифатсиз тамаки маҳсулотлари истеъмолини камайтириш орқали аҳоли саломатлигини яхшилаш.
Ноқонуний тамаки маҳсулотлари сотувчиларига ўз фаолиятини тўхтатиб, қонуний шаклдаги савдога ўтиш тавсия этилади. Фармонга риоя этмаслик жиддий ҳуқуқий ва молиявий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter