Адлия вазирлиги 30 дан ошиқ ҳужжатлар қисқартилганини эълон қилди
Адлия вазирлиги хабарига кўра, талаб этиладиган 30 дан ортиқ ҳужжатлар қисқартирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида” 2024 йил 13 июлдаги қарорига асосан қуйидаги янгиликлар жорий этилмоқда:
1) 10 дан ортиқ лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишда талабгорлардан талаб этиладиган 30 дан ортиқ ҳужжатлар қисқартирилди.
Эндиликда санитария-гигиена, ёнғин хавфсизлиги, саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги ва шу каби хулосалар лицензия ва рухсатнома олиш жараёнида бир вақтнинг ўзида тегишли ташкилотлар томонидан берилиши йўлга қўйилади.
2) 4 та лицензия ва хабарномалардан ортиқча талаблар чиқариб ташланди.
Мисол учун, Бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялашда лицензияловчи орган томонидан белгиланган тартибда божхона органларига ҳисобот тақдим этиш талаби;
Кадрлар малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш фаолияти фақат сайёр шаклда амалга оширилганда мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида биноларнинг мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб;
Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари ҳамда бошқа буюмлар ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарнома юборишда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан бериладиган хулосани талаб қилиш бекор қилинди.
3) Йўловчи ва юкларни автомобиль транспортида ташиш учун лицензия талабида автотранспортлардан фойдаланиш учун масъул бўлган мутахассис сифатида ўрта-махсус маълумотли шахсларни ҳам тайинлаш мумкинлиги белгиланди.
4) Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга оширишда муддатларни иш кунида ҳисоблаш йўлга қўйилди.
5) 4 та турдаги лицензия, рухсатнома ва хабарномалар паспортлари тасдиқланди ва тизимлаштирилди.
Хусусан,
Тамаки маҳсулотлари билан улгуржи савдо қилишни бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарнома паспорти;
Тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо қилишни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарнома паспорти;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорларига биноан олиб чиқиладиган буюмлар ва маҳсулотларни экспорт қилиш учун рухсатнома паспорти;
Махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия паспорти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter