Бухородаги институт ётоқхонасида аянчли ҳодиса юз берди
Бухоро муҳандислик технология институтида таҳсил олиб келаётган 23 ёшли талабанинг ўз жонига қасд қилганига оилавий можаролар сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Билдирилишича, ҳолат жорий йилнинг 4 декабрь куни Бухоро муҳандислик технология институтининг талабалар тураржойи, яъни ётоқхонада содир бўлган. Асли Навоий вилояти, Навбаҳор туманида туғилган талаба қиз Ж.К. институтнинг 4-босқичида таҳсил олиб келаётган бўлган.
«Қизнинг отаси ёшлигида вафот этган. У билан бир хонада яшаб келган талаба қизлар билан суҳбат ўтказилганда, Ж.К. ўзидан ёши каттароқ йигитга фотиҳа қилинганини айтишди. Хонадошлари қизнинг онаси билан доимий тортишиб юриши, оилавий муаммолари борлиги, шунингдек, отаси вафот этгач, онасининг ўз қайнакаси билан ноқонуний яшаб келаётгани ҳақида ҳам тўхталишди. Албатта, тергов органлари бу муаммоларга ойдинлик киритади»,-деди институт масъулларидан бири «Xabar.uz» мухбирига.
Институт матбуот котиби Шукруллоеванинг сўзига кўра, қизининг вафотида она ўзини айбламоқда. У қизининг ўз жонига суиқасд қилганини «менинг авлодимда шундай касаллик бор» дея тушунтирган. Маълум бўлишича, бундан бир неча йил илгари марҳуманинг тоғаси ҳам ўз жонига қасд қилган.
Институт психологи Мафтуна Тешаеванинг эса талабалар Турар жойида яшовчи барча қизлар билан доимий суҳбатлар олиб борилгани, Ж.К. ҳам ушбу суҳбатларнинг фаол иштирокчиси бўлганини айтмоқда.
«Табиатан оғир ва босиқ қиз эди. Унинг хатти-ҳаракатида бирор ножўялик кўрмаганмиз. Ҳатто, фанларниям яхши ўзлаштирар, бирор маротаба дарсларни қолдирмас эди. Ҳаммамиз кутилмаган воқеадан қайғуда қолдик»,-дейди Мафтуна Тешаева.
Бухоро вилояти прокуратураси матбуот котиби Рустам Бердиевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, сирка кислотасидан заҳарланиш оқибатида аҳволи ёмонлашган талаба қиз кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, шифохонада вафот этган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter