Якуний ҳукм: 700 миллион долларлик бойлик чиқиндихонада қолди
Британиялик шахс биткойнлар сақланган дискни қидира олмайди.
Уэльсда яшовчи шахснинг шаҳар чиқиндихонасида қидирув ўтказиш талаби билан берилган даъвосини Британия суди рад этди. У 2013 йилда чиқиндихонага ташлаб юборилган, ичида 7,5 минг биткойн сақланган қаттиқ дискини топмоқчи эди.
Уэльснинг Ньюпорт шаҳрида яшовчи Жеймс Хауэллснинг сўзларига кўра, 2013 йилда унинг қаллиғи тасодифан биткойн калитлари сақланган дискни ахлатга ташлаб юборган. Ҳозирги кунларда ушбу криптовалюталар қиймати 700 миллион АҚШ долларидан ошади.
Хауэллс маҳаллий ҳокимиятдан қазув ишларига рухсат беришни, ёки шу суммада компенсация тўлашни талаб қилган. Бироқ судья бу даъвонинг ҳуқуқий асоси йўқлигини таъкидлади ва рад этди.
Ньюпорт ҳокимияти вакиллари қонунга кўра, ташланган диск чиқиндихона эгаларига ўтганлигини тушунтиришди. Шунингдек, улар атроф-муҳитни ҳимоя қилиш қоидалари чиқиндихонада қазув ишларини тақиқлашини эслатишди.
Хауэллс қазув ишлари муваффақиятли бўлса, биткойнларни сотишдан тушадиган даромаднинг 10 фоизини маҳаллий ҳокимиятга ўтказиб беришни таклиф қилди, аммо адвокатлар буни давлат ходимларини қазув ишларини молиялаштиришга ундашга бўлган уриниш деб аташди.
Хауэллснинг айтишича, у биткойн сақланган диск жойлашган чиқиндихонанинг аниқроқ ҳудудини топа олган: бу ерда тахминан 100 минг тонна чиқинди мавжуд. Бутун чиқиндихона эса 1,4 миллион тоннадан ортиқ чиқиндидан иборат.
Суд қарорига Хауэллс шундай билдирди: «Бу қарор менда умуман имконият қолдирмади. Мен Британиянинг адолатсиз тизими қурбонига айландим».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter