Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Теҳрон Вашингтонни жиддий огоҳлантирди – Axios

Теҳрон Вашингтонни жиддий огоҳлантирди – Axios

Теҳрон Вашингтонга Исроил ва Эрон ўртасидаги можарога аралашса, минтақадаги АҚШ кучларига ҳужум қилиниши ҳақида хабар етказди. Бу ҳақда Axios портали америкалик уч манбага таяниб хабар бермоқда.

«Эрон шу ҳафта бошида бир қанча араб давлатлари орқали Жо Байден маъмуриятига хабар етказди. Унга кўра, агар Қўшма Штатлар Исроил ва Эрон ўртасидаги можарога аралашса, минтақадаги АҚШ кучларига ҳужум қилинади», – дейилади нашрда.

Аввалроқ CBS News телеканали Оқ уйдаги манбаларига таяниб, 12 апрел куни Исроилга қарши Эрон ҳужуми кутилаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.  Қўшма Штатлар мумкин бўлган кескинлашув фонида Исроилни Эрон ва унинг сунъий йўлдошларидан келиб чиқадиган ҳар қандай таҳдидларга қарши туришда иттифоқчисини қўллаб-қувватлашига ишонтирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрел оқшомида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон бош консуллиги биносига ҳужум қилган эди. Бундан ташқари, Эрон элчиси Ҳусайн Акбарийнинг қароргоҳи ҳам ўққа тутилган, бироқ у жабрланмаган. Сурия мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, ракета ҳужуми оқибатида консуллик биноси бутунлай вайрон бўлган.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси маълумотларига кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳужуми оқибатида етти зобит, жумладан икки юқори мартабали бош маслаҳатчи: Сурия ва Ливандаги «Қудс» кучлари қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳамда унинг ўринбосари, бригада генерали Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимийлар ҳалок бўлган.

Теҳрон, ўз навбатида, Дамашқдаги ҳужумга жавоб бериш, шунингдек, «тажовузкорни қандай жазолаш»ни танлаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолганини айтган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг