Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Олтин ҳарфларда ёзилган шонли воқеа» —  Ўзбекистон U-17 чемпионлиги оддий ғалаба эмас

«Олтин ҳарфларда ёзилган шонли воқеа» —  Ўзбекистон U-17 чемпионлиги оддий ғалаба эмас

«Ўзбеклар яккакурашда кучли, футбол эса — жамоавий ўйин, шунинг учун унда катта ютуқларга эришишимиз қийин», деган гапларни кўп эшитардик. Энди тарих ўзгарди. Биздан ҳам жамоавий спортда чемпионлар чиқяпти.

Саудияда содир бўлган воқеа – шунчаки ғалаба эмас. Бу – миллатнинг орзуси, интизор кутган онлари рўёбидир. Шу билан бирга, «биз бирлаша олмаймиз» деган стереотипларнинг чиппакка чиқишидир. 

Хотиржамлик ҳиссини берган йигитлар

Футбол жамоаларимизнинг ўйинларини юрак ҳовучлаб кўрган дамларимиз бўлган, ҳатто турнир ғолиби бўлган пайтларимизда ҳам яққол устунликка эриша олмаганмиз. Аммо 17 ёшли ўсмирларимиз турнирнинг бошидан то охиригача бизга хотиржам мухлислик қилиш бахтини беришди.

Ҳар бир жабҳада, ҳар бир вазиятда рақибларидан устунликлари сезилиб турди. Ҳатто Шимолий Корея аввалги рақибини 6-0 ҳисобида тор-мор этиб, бизга дуч келганида ҳам, финалдаги рақиб — мезбон мамлакат вакиллари бўлганида ҳам, биз хавотирга тушмадик. Осон ўйнаб, осон ғалаба қозондик.

Бизга бу хотиржамлик ёш футболчиларимизнинг, иқтидорли мураббийимизнинг кўзларидаги ишонч орқали ўтди. Улар ўз кучларига шу қадар ишонч билан ўйнашдики, экран ортидан биз буни ҳис қила олдик, ҳаммаси шундай якун топишини билдик.

9 киши, бир юрак, бир миллат

Финал учрашувида ўзбекистонликлар биринчи таймдаёқ 9 киши бўлиб қолишди. Қатарлик ҳакам икки футболчимиз — Нурбек ва Миразизни майдондан четлатди. Буни футбол тилида «имконсиз вазият» дейишади. Лекин болалар таслим бўлишмади, араблар сингари ўйинни чўзишга ҳам ҳаракат қилишмади. Аксинча, ҳужумга чиқиб, икки гол фарқи билан финални ютдилар. Ҳужумчимиз Садриддин Ҳасанов эса турнирга катта қилиб — ўз имзосини қўйиб кетди.

Бу жуда муҳим нуқта: болалар нафақат техник ва жисмоний жиҳатдан, балки психологик жиҳатдан ҳам юксак тайёргарликни кўрсатишди. Бу ерда жисм эмас, руҳ ғалаба қилди. Ва бу руҳ – Янги Ўзбекистон руҳидир.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ушбу ғалаба қувончини халқ билан бўлишди. Давлат раҳбари ўз табригида ёшларнинг жасорати, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилганини «миллий футболимиз тарихида олтин ҳарфлар билан ёзиладиган шонли воқеа» деб баҳолади. Бу нафақат спортчилар, балки уларни тарбиялаган устозлари, ота-оналар, бутун миллат учун юксак фахр.

Айниқса, Президентимизнинг: «Эл-юртимиз сизларнинг тимсолингизда доимо олдинга интилиб яшайдиган, юксак марраларни забт этишга қодир Янги Ўзбекистон ёшларининг энг ёрқин вакилларини кўради ва сизлар билан ҳақли равишда фахрланади», деган сўзлари – бу ғалабанинг маънавий юкини очиб беради.

Давлатимиз раҳбарининг алоҳида фармони билан Осиё чемпионлари муносиб мукофотланди.

Ютуқлар замирида нима ётибди?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон U-17, U-20 ва U-23 жамоаларининг ҳар бири камида бир мартадан Осиё чемпионлигини қўлга киритди. Умуман, шу йилларда натижаларимиз бўйича ёшлар футболида фақат Япония бизга рақобат қила олди. Демак, тизимли ислоҳотлар, селекция, мураббийларни тайёрлаш, инфратузилма ва характер натижаси  кўрина бошлади.

Мураббий Исломбек Исмоилов «Ўзбекистон доим қаҳрамонлар, мард инсонлар юрти бўлган. Йигитлар деярли имконсиз вазифани бажаришди. Бунинг ортида бутун мамлакатнинг меҳнати бор», деб айтгани бежиз эмас.

Бир неча йил аввал шов-шувли чиқиши билан ёдимизда қолган ёш мураббийнинг ўзи ҳам шу имконсиз вазифанинг бошида турди. Айтишларича, Исломбек яхши нотиқ. Шогирдларига футболдан яхши сабоқ бериш билан билан бирга, сўз орқали ҳам уларни руҳлантира олади. Финал баҳси таймлари оралиғида (бу вақтга келиб ҳисоб 0-0 эди, жамоамиз эса 9 киши бўлиб қолганди) у шогирдларига қарата шундай дейди: «Йигитлар, шу вақтга қадар Ватан учун, ўзингиз учун, ота-онангиз учун борингизни бердингиз. Энди мен учун ҳам, шунча вақтдан буён ёнингизда юрган, сизни камолга етказаётган инсонлар учун ҳам ўйнанг».

Бу «тасодифий ютуқ» эмасди, бу – узоқ меҳнат, аниқ режа, ишонч ва бирдамлик самараси эди. Майдонда қолган 9 футболчи четлатилган икки нафар жамоадоши учунгина эмас, майдон четида турган, меҳнати бизга кўринмайдиган яна ўнлаб инсонлар учун ҳам борларини беришди. Мана — жамоавийлик, миллатнинг бир мақсадда бирлашиши намунаси!

Жамоавий ютуқлар шахсий совринларга йўл очади

Мусобақа якунига кўра, уч нафар истеъдодли ва моҳир спортчимиз якка тартибдаги совринлар эгаси бўлишди. Жумладан, сўнгги сонияларда бутун миллатимизга кайфият улашган Неъматуллоҳ Рустамжонов – турнирнинг энг яхши дарвозабони, Асилбек Алиев – энг яхши тўпурар, жамоа етакчиси Садриддин Ҳасанов – энг яхши футболчи сифатида эътироф этилди.

Олдимизда Жаҳон чемпионати

Ўз ғалабалари билан U-17 терма жамоамиз жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Энди йигитларимиз Қатарда, дунё кўз ўнгида чиқиш қилишади. Жаҳон футболида янги юлдузлар, янги номлар кашф этилади. Бу — фарзандларимиз учун янги синов, янги имконият ва янги тарих.

Ғалабалар бардавом бўлсин, Ўзбекистон!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг