Тошлар орасидаги ҳаёт. Неолит даврида тамал тоши қўйилган Ҳасанкейф
Туркия туризм ва маданият вазирлиги ташаббуси билан уюштирилган пресс-турнинг сўнгги кунида кичик, аммо беқиёс гўзалликларга бой бўлган Ҳасанкейф шаҳрида бўлдик.
Ҳасанкейф Дажла дарёси қирғоқларида жойлашган, сув бўйлаб катерларда бемалол саёҳат қилиш мумкин. У жуда узоқ ва шонли тарихга эга. Айрим манбаларда унинг пойдевори деярли неолит даврига тўғри келади, бу пайтда Месопотамиянинг шимолий қисмида цивилизациянинг пайдо бўлиш жараёни эндигина бошланган ва Гўбекли тепа ва Қорахонтепа мегалит ибодатхоналари мажмуалари қурилганди.
Ҳасанкейф ҳақида биринчи ёзма эслатма Иланшура остида Мари шаҳридан олинган лой лавҳаларда учрайди, унда ҳудуд Дажла дарёси бўйида мустаҳкамланган шаҳар сифатида тасвирланган. Ушбу маълумотлар милоддан аввалги 1800-1750 йилларга тўғри келади. Бу маълумотлар Ҳасанкейфни энг қадимги доимий аҳоли пунктларидан бири эканини кўрсатади.
Римликлар бу ерда Кефе қалъасини қурдилар, айрим манбаларда шаҳар номи шундан келиб чиққан деган қарашлар мавжуд. 640 йилда араблар уни Византиядан қайтариб олиб, Хисн Кайфа деб номладилар. XII асрда шаҳар артукийлар томонидан босиб олиниб, уни пойтахтга айлантирган. 1232 йилда шаҳар Айюбийлар қўлига ўтади, 1252 йилда эса Миср мамлук турклари уларни мағлуб этиб, шаҳарни бошқариб, унда кўплаб масжидлар қуриб, ислом динининг муҳим марказига айлантиради. 1260 йилда шаҳар мўғуллар томонидан вайрон қилинган, лекин аста-секин қайта тикланган. Бу ерда Оққўюнлу амирларининг ёзги қароргоҳлари қурилган. 1534 йилда Эрон билан уруш пайтида Сулаймон I Ҳасанкейфни эгаллаб, Усмонлилар империяси таркибига киритди.
Шаҳарда Ҳасанкейф музейи жойлашган. Унда ҳудуднинг тош асридан тортиб, замонавий тарихгача бўлган даври осори-атиқалари мавжуд.
Агар сиз Ҳасанкейф манзаларидан баҳраманд бўлмоқчи бўлсангиз Батман шаҳри орқали ҳудудга ташриф буюришингиз мумкин. Батман аэропортидан Туркия пойтахти ва бошқа йирик шаҳарларига доимий авиақатновлар йўлга қўйилган.
Сизга яна бир муҳим ва тарихий объект ҳақида ҳикоя қиламиз. Қуйидаги расмдаги иншоот Малабади кўприги дея номланади.Унинг бунёд этилганига қарийб тўққиз аср бўлди.
Кўприк 1155 йилда Мардин шаҳрида яшовчи ҳукмдор Темур-Тош буйруғи билан Туркия жануби-шарқидаги Батман дарёси устида қурилган. Кўприкнинг қурилган санаси унинг шарқий учидаги эсдалик ёзувида кўрсатилган.
Қанотли кўприк XII асрнинг меъморий ва муҳандислик мўъжизаси бўлиб, тарихий, рамзий ва эстетик аҳамиятга эга. Кўприкнинг узунлиги 281,67 метр, кенглиги 7,15 метрни ташкил қилади. Бу дунёдаги энг узун тош аркалик кўприк бўлиб, кенглиги 40,86 метрга этади. Кўприк бешта камардан иборат бўлиб, марказда асосий камар ва ҳар бир қирғоқда иккита ён арка бор.
Қанотли кўприк XII аср охири - XX аср бошларигача бўлган даврда қайта тикланди. Тарихий жиҳатдан, бу Батман дарёси устидаги ягона кўприк бўлиб, 1950 йилларда юқори оқимдаги янги йўл кўприги очилгунга қадар узлуксиз фойдаланилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter