Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Экологияга оид янги танлов шартлари маълум қилинди

Экологияга оид янги танлов шартлари маълум қилинди

Жорий йилдан бошлаб январь-март ойлари давомида республикамизнинг барча умумтаълим мактабларининг юқори синф ҳамда касбий таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида «Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?» республика кўрик-танлови ўтказилади.

Шу муносабат билан Самарқанд вилоятида республика босқичига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бўлим бошлиғи Заррина Абдуллаева, вилоят экология бошқармаси бошлиқ ўринбосари Дилшод Хушвақов, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Улуғбек Муҳаммадиев, танлов иштирокчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Матбуот анжуманида «Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?» республика кўрик-танловининг мақсади ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, танлов шартлари тушунтирилди.

Маълумот учун, мазкур танлов тажриба сифатида 2024 йил 8-13 август кунлари Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги «Лочин» оромгоҳида ўтказилган «Ёшлар келажак бунёдкорлари!» III халқаро экология ва туризм қурултойи доирасида илк маротаба ташкил этилиб, унда 14 та жамоа, жами 112 нафар ёшлар қатнашган эди.

2025 йилдан бошлаб, мазкур танлов оммалаштирилиб, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этилди.

Танлов 4 шарт бўйича ўтказилмоқда.

I шарт – «Бу бизнинг ҳудуд» - ушбу шартда иштирокчи жамоалар ўз ҳудудларининг экологик ҳолати, экомаданияти, пикник маданиятлари, ҳудуд экологиясини яхшилашга доир амалга оширилаётган ишлар, ёшларининг экологияга бўлган муносабати очиб берилиши лозим.

II шарт – «Интеллектуал ринг» - ушбу шартда жамоа аъзолари 3 дақиқа ичида экологик, ижтимоий, сиёсий-ҳуқуқий йўналишлардаги 10 та саволга жавоб беришлари лозим.

III шарт – «Экология учун барчамиз масъулмиз!» - ушбу шартда иштирокчи жамоалар республикамиз экологиясини асраб-авайлашга қаратилган ёшлар орасида экомаданиятни тарғиб қилишни кўзда тутган, плоггинг, иқлим ўзгаришлар, дарахт экиш ва кесиш ҳамда сув муаммолари бўйича лойиҳасининг мазмун-моҳиятини очиб берадиган ибратли саҳна кўриниш тайёрлашлари лозим.

IV шарт – «Энг яхши экологик лойиҳа» - ушбу шартда иштирокчи жамоалар республика миқёсида экология соҳасини ривожлантириш, ёш экологлар сонини кўпайтиришга эришиш, экология йўналишидаги инвестицияларни жалб қилиш, экология салоҳиятини кенгайтириш бўйича ўз таклиф ва лойиҳаларини намойиш этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг