Юқори кучланишли симёғочлар тагида деҳқончилик учун рухсат берилади, фақат…

Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари муҳофаза зоналаридаги ер майдонларида деҳқончилик қилиш мумкин. Яъни, электр узатиш тармоқларига зарар етказмаган ҳолда, таянч устунлари ости сув билан ювилишига (юмшатилишига) йўл қўймасдан, таянч танаси ва таркибий қисмларига таъсир кўрсатмай фаолият юритилишига йўл қўйилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов маълумот берди.
«Бунда таянч устуни танаси ёки фундаментидан ташқи томонга камида 1,5 метр масофадаги ер майдони таянчнинг доимий фойдаланишга ажратилган ер майдони ҳисобланиб, бу майдонда ерга (тупроққа) ишлов бериш тақиқланади. Шунингдек, техника ва бошқа мосламалар билан ишлаганда электр узатиш тармоғи симларига яқинлашиш хавфини ёддан чиқармаслик лозим», – дейди Урунов.
Шунингдек, мутахассис юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари атрофидаги ер майдонларида боғдорчилик ишларини олиб боришда айрим чекловлар борлигини таъкидлайди.
Унга кўра, амалдаги қоидаларга асосан электр узатиш тармоқларининг муҳофаза зонасида дарахт ва буталарни экиш ҳамда кесиш ушбу тармоқларга хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.
Бунда экин турига қараб электр узатиш тармоғи симларига яқинлашиши чегаралари белгилаб берилади. Дарахт шохларининг электр токи ўтказувчи қисмларга яқинлашиши ҳаво орқали қисқа туташувга олиб келиши хавфини туғдириши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter