Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарқанд прокуратураси 420 млн сўмлик «Айфон»лар харидига изоҳ берди

Самарқанд прокуратураси 420 млн сўмлик «Айфон»лар харидига изоҳ берди

Бир муддат олдин «Ревизор» канали давлат харидларининг махсус ахборот портлаи маълумотларига таяниб, Самарқанд вилояти прокуратураси ходимлари учун қарийб ярим миллиард сўмга «iPhone» смартфонлари сотиб олгани ҳақида ёзган эди. 

Мазкур портал маълумотларига кўра, 2023 йил 28 декабрь куни Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан 420 млн сўмга 21 дона iPhone 14 Pro Max 1TB смартфонлари ва 25,3 млн сўмга айни шу моделдаги смартфондан яна бир дона харид қилинган.

Самарқанд вилоят прокуратураси мазкур харид юзасидан расмий тушунтириш бериб, унда iPhone смартфонлари «вилоят прокуратураси органларида хизмат қилаётган раҳбар ходимларига» эканлиги ҳамда бу «инсон, жамият ва давлат манфаатлари йўлида» харид қилинганини билдирган.

«Мазкур мобиль алоқа телефонлари вилоят прокуратураси органларида хизмат қилаётган раҳбар ходимларга сектор фаолиятини яхшилаш, инсон, жамият ва давлат манфаатлари йўлида жисмоний ва юридик шахслар билан маълумот алмашишда фойдаланиш мақсадида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ҳарид қилинганлиги маълум қилинади», – дейилади вилоят прокуратураси тушунтиришида. 

«Ревизор» канали эса, ўз ўрнида, яна бир қизиқ фактга тўхталади. Гап шундаки, Мажбурий ижро бюроси маълумотларида Самарқанд вилояти прокуратурасининг умумий қарздорлиги 10 млрд 505 млн сўмни ташкил этиши акс этган. Деярли барча ижро ҳужжатларини мазмуни «жиноят натижасида етказилган зарар»ни ундириш билан боғлиқ.

Бироқ, Самарқанд вилояти прокуратураси ўз изоҳида МИБдан қарздорлик бўйича тушунтириш бермаган.

Маълумот учун, апрел ойи давомида давлат бюджетининг даромадлари 19,3 трлн сўмни, харажатлари эса 25 трлн сўмни ташкил этган. Ой давомида давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг фарқи 5,7 трлн сўмдан ошган.

2024 йилнинг ўтган 4 ойлик даврида жамланган дефицит эса 25,6 трлн сўмга етган.

Шунингдек, iPhone смартфонини харид қилган давлат ташкилотларининг бошқа рўйхати:

  • Деҳқонобод тумани тиббиёт бирлашмаси 14,4 млн сўмга бир дона Apple iPhone 14 Pro Max 256GB;
  • Қашқадарё вилояти кўз касалликлари шифохонаси 24,7 млн сўмга икки дона Galaxy S23 Ultra 512 GB; 
  • Ўзбекистон Кинематография агентлиги 10 млн сўмга бир дона Galaxy S22 Ultra 256GB, 19,8 млн сўмга яна икки дона Galaxy S22 Ultra 256GB ва 15,8 млн сўмга iPhone 15 Pro 256GB Natural titanium; 
  • «Маънавият ва маърифат» марказининг Тошкент вилояти бўлими 51 млн сўмга икки дона iPhone 15 Pro Max 1TB; 
  • Хоразм вилояти ҳокимлиги Ёшлар дафтари жамғармасидан 16,9 млн сўмга бир дона iPhone 15 Pro Max 256GB;
  • Ингичка толали пахтачилик илмий-тадқиқот институти (Сурхондарё) 30,6 млн сўмга икки дона iPhone 15 Pro Max 256GB.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг