Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вазирлик Андижондаги маданият ходимлари ҳолидан хабар олди

Вазирлик Андижондаги маданият ходимлари ҳолидан хабар олди

«Бир кўнгилни йўқлаб шод қилмоқ Каъбани зиёрат қилмоқ билан тенг» деган ҳикматнинг бугун исботини кўрдик. Айни кунларда юртимизда 15 апрель «Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни» тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

 ​Дунёда касблар кўп. Ҳар бири ҳаётда ўз ўрни ва аҳамиятига эга. Президентимиз бежизга ижод аҳлини «Инсон қалбининг муҳандислари», дея таърифламаганлар.

Бугун Андижон вилоятида сана муносабати билан маданият вазири Озодбек Назарбеков раҳбарлигида соҳа ходимларининг ота-онасига ва шахсан ходимнинг ўзига махсус вазир табриги ҳамда ташаккурномаси тақдим этилмоқда.
      – Ушбу тадбирнинг аҳамиятли томони ташаббус маданият вазирлиги тарихида илк маротаба амалга оширилмоқда. Вазир Озодбек Назарбеков, унинг ўринбосарлари ва санъат соҳасининг таниқли вакиллари ходимларнинг яшаш жойларига бориб, уларнинг оила аъзолари билан учрашмоқда, юксак эҳтиром ва миннатдорчилик изҳор этмоқда, – дейди вазирлик Ахборот хизмати раҳбари Сирожиддин Ўсаров.

Андижон азал-азалдан маданият ўчоғи бўлган. Хонобод шаҳар маданият ва спорт ишлари бўлими мудири бўлиб узоқ йиллар ишлаган Зумрадхон ая Убайдуллаева халқ оғзаки ижоди фольклор, аския жанрлари бўйича жуда кўп шогирдларга устозлик қилган.

– Аввало мени ўқитган ота-онамга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Кейин эса мени доимо тадбирлар билан банд бўлишимга вақт ва шароит яратиб берган турмуш ўртоғимга ташаккур. Чунки маданиятчи бўлиш дегани ҳали мактабда, ҳали маҳаллада, туманда, шаҳарда ўтказиладиган тадбирларга бош-қош, ташкилотчи дегани. Мени йўқлаб келганлардан, маданият вазирлиги ходимларидан бошим кўкка етди, – дейди Зумрад ая.

Зумрад аяга ёзилган табрикни вазирлик котибияти мудири Озодбек Йўлдошев ўқиб эшиттирди. Рақамлаштириш ва ахборот хавфсизлиги бўлими бошлиғи Жасурбек Шермухаммедов эса аяга эсдалик совғаларини топширди.

Тадбирлар доирасида маданият ва санъат соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган 60 нафардан зиёд ходимга “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони топширилиши режалаштирилган. Тақдирлаш маросимлари ҳамда байрам тадбири концерт дастури кун якунига қадар давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг