«Ал-Кутубия масжиди минораси»: Черчилл чизган суратни Анжелина Жоли 11,5 миллион долларга сотди
Буюк Британия собиқ бош вазири Уинстон Черчилл чин маънода серқирра инсон эди: сиёсатчи, ҳарбий, журналист, ёзувчи, рассом...
Яқинда Голливуд юлдузи Анжелина Жоли Черчилл ижоди маҳсули — «Ал-Кутубия масжиди минораси» суратини кимошдида сотиб, яхшигина пул ишлаб олди. Бу асарни унга собиқ турмуш ўртоғи Брэд Питт ўн йил илгари совға қилган. Сурат «Christie's» аукционида рекорд сумма — 8,28 миллион фунт стерлинг (11,5 миллион доллар)га сотилди.
Мутахассислар бошида Черчиллнинг ушбу асари 1,5-2,5 миллион фунт стерлинг ($2–3,4 млн. доллар)га кетишини мўлжаллашаётганди. Унинг янги соҳиби номи маълум қилинмади.
«Ал-Кутубия масжиди минораси»да Марокашнинг Марракеш шаҳридаги олисларда Атлас тоғлари кўриниб турган кўҳна масжид тасвирланган. Черчилл асарни 1943 йили Касабланка конференциясидан сўнг битказиб, АҚШ президенти Франклин Рузвельтга совға қилган.
Асар Рузвельтнинг ўғли Элиотга мерос қолган, кейинчалик бир неча марта эгалари алмашиб, кўргазма ва кимошдиларга қўйилган, охири Брэд Питт 2011 йили сотиб олганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter