Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Юртимизда чиқиндиларни қайта ишлайдиган корхоналар сони ошиб бормоқда

Юртимизда чиқиндиларни қайта ишлайдиган корхоналар сони ошиб бормоқда

15 ноябрь куни бутун дунёда чиқиндиларни иккиламчи қайта ишлаш куни ҳисобланади ва шу куни жамоатчилик эътибори чиқиндилардан фойдали хомашё ишлаб чиқариш лозимлигига қаратилади.

Юртимизда ҳам бу борада доимий ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маиший чиқиндиларни бошқариш, уларни қайта ишлаб, электр энергияси ва бошқа фойдали маҳсулотлар олиш тизими йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, аҳолидан ҳосил бўладиган чиқиндиларни қайта ишлашга йўналтириш борасида инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

«Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея ва Хитой Халқ Республикаси билан маиший чиқиндилардан электр энергияси олиш бўйича инвестиция лойиҳалари имзоланди. Жанубий Кореянинг «Seijin» компанияси томонидан «Оҳангарон» полигонида тўпланган чиқиндилардан электр энергияси олиш бўйича лойиҳа бошланди, — деди Экология вазирлиги бош мутахассиси Нодир Шерқулов. — Қолаверса, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш борасида 66 та давлат хусусий шериклик лойиҳалари йўлга қўйилди. Бугунги кунда ушбу корхоналар томонидан аҳолидан ҳосил бўлаётган чиқиндилар олиб кетилиб, сараланган қисмини ишлашга йўналтирилмоқда».

Экология вазирлиги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги мутахассиси Умид Холматовнинг таъкидлашича, республикамизда 2024 йилнинг ўтган 6 ойи давомида 292 дан ортиқ чиқиндини қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар томонидан 5,2 млн тонна маиший чиқиндиларнинг 270 минг тоннаси қайта ишланиб, қайта ишлаш даражаси 5,2 фоизга етказилди.

Юртимизда чиқиндиларни иккиламчи қайта ишлаб, улардан бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқараётган корхоналар сони ҳам ортиб бормоқда. Шулардан бири «Тошкент пласт полимер» корхонасидир. Бу ерда ҳар куни 50 тоннадан зиёд чиқиндилар қабул қилинади ва қайта ишланади.

«Корхонамизда чиқиндилардан 15 турдаги маҳсулотлар тайёрланади. Хусусан, 30 турдаги пластик яшиклар, евро ва стандарт поддонлар, гофрокоробка маҳсулотлари, чиқинди қутилари, автомобиль бамперлари, пластик челаклар ишлаб чиқарилади», — деди корхона директори Дилмурод Хўжаев.

Корхонада чиқиндиларни қайта ишлашдан ҳосил бўлган чиқиндилар ҳам яна қайта ишлашга йўналтирилади. Янги маҳсулот тайёрланаётганда уларнинг чидамлилигини, эластиклигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу маҳсулотлар синмайди, зарарланмайди ва узоқ муддат хизмат қилади.

Маълумот учун, 2027 йилга қадар юртимизнинг 11 та ҳудудида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган заводлар қурилиши кўзда тутилган. Натижада йилига 4,7 млн тоннадан ортиқ чиқиндини ёқиш орқали 2,1 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, полигонлар сони беш баробарга қисқаради. 97 млн АҚШ доллари қийматидаги электр энергияси сотилади. Шунингдек,152 млн метр куб табиий газ иқтисод қилинади ҳамда 2,4 млн тонна иссиқхона газлари камаяди. 1 200 та янги иш ўрни яратилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг