Нафсни поклаш: таомни эмас, очликни қадрланг

Телеграмдаги маҳалла гуруҳида бир неча эълонларга кўзим тушди: «эрталаб ифторликка соат 3.30да ош, лағмон, шўрва, бифштекс...», табиийки сиз ҳам бундай рекламаларга тез-тез гувоҳи бўласиз. Ёки Рамазон бошланишидан олдинги ҳолатни эслайлик, «рўза тутаман, шунинг учун уйга егуликларни ғамлаб қўяй», «эрталабки оғиз ёпишга сомса ёки ош пиширдим», деган рўзадорлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Кейинги пайтларда кўпчилик ушбу ойни «тансиқ таомлар шоуси»га айлантириб юборишмоқда.
Инсон иродасининг синови...
Вилоятга кетадиган таксида ҳамроҳимиз телефонда гаплашаяпти: «Ифторлик қилиб бермоқчиман қишлоқда, 20-30 одамга қайси кунни белгиласам бўларкан»....
Телефонда гаплашиб бўлгач ҳамроҳимдан сўрадим: «Ифторлик ўтказиш учун ҳам кун белгилаш керакми?»...
Ҳамроҳим: «Ҳозир шунақа бўлиб кетган, кун белгиламасангиз устма-уст ифторлик қилинса, одамлар келмаслиги мумкин, айниқса, рўзанинг охирида навбат ҳам етмай қолади», деб жавоб берди.
Албатта, ифторликка яқинларни, қўни-қўшнини таклиф қилиш – бу меҳр-оқибатдан дарак, меҳмондўстлик қадрият ва анъаналаримизниг бир қисми, аммо уни ҳашаматга айлантириш, бўлиб ҳам айнан нафсни жиловлаш керак бўлган ойда мантиққа тўғри келадими?
Ахир Рамазон нафсни жиловлаш – инсон иродасининг синови эмасми?
Эрталабдан тансиқ ва кучли калорияга эга овқатни ейиш дегани бу кечгача ўзини тўқ ҳис қилиш дегани. Очлик ҳис қилмасангиз, ошқозонингиз дам олмаса рўза тутишдан маъно борми? Ёки кечгача сувсизликка ва таомсизликка чидаб оғиз очарга тансиқ ва қувватли овқатлар ейиш орқали ошқозонга баттар оғирлик тушириб қўйилмайдими?
Яна ўша савол муаллақ: нафсни назорат қила олаяпсизми?
Сабрми ёки руҳий покланиш?
Кўпчилик рўзани жисмоний сабр деб билади, лекин у психологик ва маънавий нафсни тарбия қилишнинг энг кучли усулларидан бири.
Қуръони каримда нафс уч хил сифат билан тафсифланади – хотиржам нафс, маломатчи нафс, ёмонликка буюрувчи нафс. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Руҳий тарбия» китобида таъкидланганидек, ёмонликка буюрувчи нафс (нафси аммора) ўз соҳибини мудом ёмонликка ва маъсиятга чорловчи нафсдир. У ўз соҳибини ҳидоят йўлидан чиқариб, залолат йўлига солишни истайди! Бу нафс агар соҳиби унга бепарво қараса ва муҳосаба қилиб туришга аҳамият бермаса, уни дунё-ю охиратда ҳалокат ва зиёнга етаклайди... Инсонда нафс тўзонлари тинчланса, ёмонлик ҳислари сокин бўлса, бунинг муқобилида унинг қалб тўридаги содиқ туйғулар қўзғалади. Ана шу ҳолат ўз эгасини Аллоҳга етакловчи биринчи қадамлар бўлади.»
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар:
«Тўйгунча еб-ичиб, қалбларингизни ўлдирманг! Қалб бир ниҳолга ўхшайди. Ниҳолга ошиқча сув берилганда қандай сарғайиб сўлса ва ўсишдан тўхтаса, худди шундай қалб ҳам ортиқча сувдан ўлади, бундай одамда тоза фикр ва инсоний феъл-атворлар қолмайди. Кўп еган одамнинг акли заиф бўлади, илм ўргана олмайди. Чунки, доимий тўқлик ва мечкайлик ақлни кўр қилади. Қалбларингизни очлик билан нурлантирингиз, нафсингиз билан жиҳод қилиб, уни тарбиялай олмоқ учун очликни ва ташналикни қурол сифатида ишлатинг. Нафсни тарбиялаш учун унинг билан жанг килган кишининг мукофоти жанггоҳда душман билан уришганнинг мукофоти сингаридир».
Ҳар бир рўза тутаётган инсон ўзига савол бериши керак: менинг нафсим қай даражада жиловланган?
Зефир тажрибаси
Нафс ҳақида нафақат динимизда, балки кўплаб олимлар ҳам ўз фикрларини билдирган, илмий тадқиқотлар олиб боришган.
Психологияда инсоннинг нафси катта ёшда камаядими ёки йўқми, бу масала ҳам тадқиқ қилинган. Масалан, «Маршмеллоу (зефир) эксперименти» шуни кўрсатадики, сабр қила олиш ва нафсни назорат қилиш муваффақиятли ҳаётга олиб келади. Уолтер Мишел ва унинг жамоаси 1960 йилларда ёш болалар иштирокида тажриба ўтказишган. Лекин бу фақат бир марталик синов эмас эди – улар шу болаларни 10, 20, 30 йил давомида кузатиб боришган.
Эксперимент қандай ўтказилган?
Мутахассислар 4-5 ёшли болаларни лабораторияга чақиришади. Ҳар бир болага зефир (маршмеллоу) ширинлиги қўйилган тарелка ва икки танлов берилади: Агар бола зефирни дарҳол еб қўйса, фақат битта берилади, аксинча бола ширинликни 15 дақиқа сабр қилиб емаса иккита зефир олади.
Кейин тадқиқотчилар болаларни ёлғиз қолдиришади ва кузатишни бошлашади. Натижалар қандай бўлган?
Болаларнинг бир қисми ширинликни емасдан сабр қилиб, 15 дақиқа кутган. Бошқалар эса сабр қила олмай, дарҳол зефирни еб қўйган.
Уолтер Мишел ва унинг жамоаси бу болаларни катта ёшда ҳам кузатган ва қуйидаги фактларни аниқлаган: Сабр қилган болалар мактабда яхшироқ натижа кўрсатган, уларда стресс ва ташвиш камроқ бўлган, қарзга камроқ кирган ва пулни тежай олган, карьерада ва шахсий ҳаётда муваффақиятлироқ бўлган, соғломроқ ҳаёт тарзини кечирган. Зефирни дарҳол еб қўйган болалар – (сабр қила олмаганлар) мактабда, давоматда қийинчиликка дуч келган, имтиҳон натижалари нисбатан паст бўлган, кўпроқ стресс ва молиявий муаммоларга дуч келган, айримлари саломатлигига эътибор бермаган. Зефир эксперименти шуни кўрсатдики, болаликдаги сабр ва ўзини жиловлай олиш қобилияти катта ҳаётдаги муваффақиятга таъсир қилади.
Очкўзлик ва тансиқ таом ҳақида ривоят
Жуда бой ва очкўз бир одамнинг дарди энг яхши таомлардан лаззатланиш эди. Қаерда тансиқ таом бўлса ўша ерда ҳозиру нозир эди. Очкўз бойнинг қорни шу қадар катталашиб кетибди, бу унинг соғлиғига путур етказа бошлабди. Аммо у нафсини тийиш ҳақида ўйламас, қаерда тутун кўринса ўша ердан қолмас экан.
Бир куни бир пайтлар машҳур ошпаз бўлган, кейин эса табиблик сирларини ўрганган одам ҳақида эшитиб қолди. Очкўз бой ҳам ошпаз ва табиб бўлган инсон менинг соғлиғимга мос ширин ва фойдали таом тайёрлаб бера олади деган қарорга келибди ва табибни чақириб:
– Менга дунёдаги энг мазали таомни тайёрлаб бер! Мен ҳар хил ноз-неъматлар едим, лекин янада ширин таом ейишни хоҳлайман, у шундай таом бўлсинки ҳам лаззатли ҳам соғлиғимга фойдали бўлсин! – деди.
Табиб кулиб:
– Майли, сизга энг ажойиб таомни тайёрлайман, лекин бир шарт билан: уч кун таом емасдан юрасиз, бунинг учун мен сизни манави ертўлага қамаб қўйишим керак, шунда мен берадиган таомнинг ҳақиқий лаззатини ҳис қиласиз, – деди.
Бой одам бу шартни қабул қилди. У биринчи куни қийналмади, иккинчи куни қорни қаттиқ очди, учинчи куни эса овқатдан бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмай қолди.
Уч кундан кейин табиб унинг олдига оддий нон ва сув қўйди. Бой одам ҳайрон бўлиб:
– Бу нима?! Менга энг мазали таом керак!
Табиб ҳеч нарса демасдан чиқиб кетди. Бой очлигидан нонни паққос туширди. Бу унга дунёдаги энг мазали таомдай туюлди.
Бой нонни еб бўлгач, табиб кулди ва шундай деди:
– Ҳеч қандай таом лаззатли эмас, агар инсон ўз нафсига хўжайинлик қила олса. Агар сиз ҳақиқий лаззатни ҳис қилмоқчи бўлсангиз, таомни эмас, очликни қадрланг. Чунки ҳақиқий ҳузур нафсни эмас, танани тўйдиришда.
Бой одам бу ҳикматни тушунди ва ўша кундан кейин керагидан ортиқ овқат ейишни тўхтатди.
Бу бир ривоят, лекин ҳар бир одам учун ибратли, яъни ҳар бир инсон ўз нафсининг қули эмас хўжайини бўла олиши мумкинлигининг исботи.
Рамазон ойи – фақат оч қолиш эмас, балки нафсни тарбия қилиш, ирода ва сабрни мустаҳкамлаш ойи ҳамдир. У нафақат танани, балки қалбни ҳам поклайди – кимки нафсини енгса, у ҳақиқий озодликка эришади. Чунки ҳақиқий эркинлик – бу нафсга тобе бўлмаслик!
Барно Султонова тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter