Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасида янги стратегия ишлаб чиқилади

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасида янги стратегия ишлаб чиқилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 17 январь куни Жаҳон банки вице-президенти Сирил Мюллер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жаҳон банки гуруҳи дунё миқёсидаги етакчи молиявий институт бўлиб, мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги дастурини амалга оширишда стратегик шерикдир.

Банк экспертлари Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалиги, геология, банк-молия ва солиқ, таълим соҳаларида модернизация ишларини самарали амалга оширишга доир таклифларни ишлаб чиқишда, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш ҳамда бошқа устувор йўналишларда фаол иштирок этмоқда. 

Бугунги кунда Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда амалга оширилган ва давом эттирилаётган лойиҳаларнинг қиймати 5,5 миллиард долларни ташкил этади.

Ўтган йили ушбу глобал молиявий институт умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган янги истиқболли лойиҳаларни маъқуллади. Навоий вилоятида қуёш электр станциясини қуриш бўйича кимошди савдоси, шунингдек, Вашингтон шаҳрида «Мамлакат платформаси» тақдимоти муваффақиятли ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари буларнинг барчаси Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги яқин ҳамкорлик, очиқ ва конструктив мулоқот натижасида эришилганини алоҳида таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўз навбатида, Сирил Мюллер Жаҳон банки гуруҳи президенти Девид Мелпасснинг самимий саломини етказиб, ташкилот Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор қайд этди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Муҳим тармоқларда, жумладан, қишлоқ хўжалиги, энергетика, нефть-газ тармоғи, транспорт ва бошқа соҳаларда ислоҳотларни давом эттиришга кўмакни кенгайтириш ҳамда қашшоқликка қарши курашиш борасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик бўйича янги узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг