Гулнора Каримова ноқонуний ўзлаштирган маблағлардан 95 млн доллари Ўзбекистонга қайтарилган

Гулнора Каримова ноқонуний ўзлаштирган Швейцариядаги маблағлардан 95 млн доллари Ўзбекистонга қайтарилган. Бу ҳақда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов маълум қилди.
Таъкидланишича, мусодара қилинган жами 131 млн долларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича келишувга эришилган. Айни пайтгача мамлакатга келиб тушган 87 млн доллар маблағ соғлиқни сақлаш ва таълимга сарфланмоқда (ҳар бир соҳага 43,5 млн доллардан).
Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида республикамиздаги 230 та перинатал марказ учун 23 турдаги 5 минг 841 дона замонавий тиббий ускуна сотиб олинган. Иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан яна 1 минг 400 дан ортиқ тиббий жиҳозлар олиб келиниши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, БМТ ташкилотлари томонидан 11 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари ўқитилган. Туғуруқ муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича 29 та миллий протокол ва қўлланма жаҳон стандартлари асосида янгиланган.
«Ишонч» жамғармаси ҳисобидан таълим соҳасида мўлжалланган ишлар иккита компонентга бўлинган ҳолда амалга оширилмоқда. Биринчиси бўйича ахборот технологиялари ва рақамли ечимларни кенгайтириш орқали таълим имкониятларини ошириш лойиҳаси ишга туширилган.
Иккинчи компонентга асосан, халқаро ташкилотлар билан биргаликда, мактабларда санитария-гигиена тизимини яхшилаш, иситиш тизимини модернизация қилиш, мактабларни бошқаришга жамоатчиликни жалб қилишга қаратилган лойиҳа таклифи ишлаб чиқилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter