Binance крипто-биржаси Ўзбекистон бозорига кирмоқда
Ўзбекистон ҳудудида Binance крипто-биржаси ўз фаолиятини қонунчилик билан белгиланган тартибда маҳаллий «CoinPay» МЧЖ орқали амалга оширишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Агентлик Binance томонидан Ўзбекистон Республикаси фойдаланувчиларига (резидентларига) хизмат кўрсатиш масаласини ҳал қилган.
Эндиликда Ўзбекистон резидентлари Binance платформасига «CoinPay» МЧЖнинг тегишли ресурслари (coinpay.uz) орқали киришларига имконият берилади. Шу билан бирга, фойдаланувчилар ўз маблағларини банк карталари ва миллий тўлов тизимлари орқали миллий валютада киритиш ҳамда чиқариш имкониятига эга бўладилар.
Тизимни ишга тушириш, ҳамкорлар платформаларининг барча модуллари, жумладан, миллий тўлов тизимлари билан интеграциялашганидан сўнг амалга ошириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг январь ойида Binance крипто-биржаси Ўзбекистон қонунчилиги, хусусан, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлиги учун маҳкамага тортилган ва унга нисбатан БҲМнинг 300 баробари миқдорида жарима қўлланган эди.
Агентликнинг билдиришича, Binance крипто-биржаси жаримани қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат бюджетига тўлаб берган.
Эслатма!
Президентнинг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон қарори 3-банди «д» кичик бандига мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширишлари лозим.
Маълумот учун, «CoinPay» МЧЖ крипто-активлар айланмаси соҳасида расмий хизмат кўрсатувчи провайдер бўлиб, у крипто-биржа ва крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияларга эга.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter